19.02.2020 0

Янги техник қўмиталар ташкил этилди

Стандартларни ишлаб чиқиш, уларни халқаро талабларга уйғунлаштириш  соҳасида техник қўмиталарнинг аҳамияти салмоқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 мартдаги 220-сон қарори билан тасдиқланган Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низомга мувофиқ техник қўмиталарнинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар кўрсатиб ўтилган:

- стандартлаштириш тизимларининг фаолиятини ва ривожланишини таъминлашда қатнашиш, халқаро стандартларни қўллаш асосида уни халқаро, давлатлараро тизимлар билан уйғунлаштириш;

- стандартларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, қайта кўриб чиқишда илғор хорижий тажрибани жорий қилиш йўли билан, шу жумладан, уларда анъанавий технологияларнинг олдинда борувчи имкониятларини, истиқболга дастлабки талабларни белгилашни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатдошлиги оширилишини таъминлашда иштирок этиш.

Юқорида таъкидланган вазифаларни самарадорлигини янада ошириш ва Низом талаблари асосида техник қўмиталарни қайта ташкил этиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги буйруғи билан бир қатор соҳаларда техник қўмиталар тасдиқланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси қошида STQ 1 “Ҳарбий ва икки хил мақсадда ишлатиладиган маҳсулотлар”, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институти қошида STQ 2 “Фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлиги”, “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК қошида STQ 4 “Туризм хизматлари”, “Ўзчармсаноат” уюшмаси қошида STQ 3 “Чарм-поябзал, мўйначилик ва қоракўлчилик саноати” стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар ташкил этилди.

Республикамизда юқорида кўрсатилган соҳаларда фаолият юритувчи муассаса ва ташкилотлар, ишлаб чиқарувчилар стандартлаштириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва уларни жорий этишда техник қўмиталарнинг котибиятларига мурожаат этиб ўрнатилган тартибда амалий кўмак олишлари мумкин.

Шунингдек, амалдаги меъёрларга кўра ҳар қандай манфаатдор томон тегишли соҳада техник қўмитани ташкил этиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга эканлигини инобатга олган ҳолда, ушбу масала бўйича “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилишлари мумкин.

Ulashish:
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech